Эзгу қадриятлар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу борада кўпчилик билан бамаслаҳат ҳолда ўтказиладиган, маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланган ҳашар истиқлол йилларида янгича маъно-мазмун касб этиб, умуммиллий анъанага айланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 августдаги фармойишига биноан жорий йилнинг август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 17-18 август умумхалқ хайрия ҳашари кунлари, деб эълон қилинди.
Ҳашар маҳалла ҳудудларини, гузарлар, кўчалар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни тартибга келтириш, якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишда яна бир яхшигина баҳона ёки сабаб, десак янглишмаган бўламиз.
Жорий йилда Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрамини “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни тобора мустаҳкам қарор топтириш, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш мақсадида ўтказилаётган умумхалқ ҳашари юртимизни янада обод ва файзли бўлишида ўзига хос хайрли тадбир вазифасини ўтайди.
Ушбу тадбирни юртимизнинг барча ҳудудларида, энг чекка қишлоқ ва овулларда, маҳаллаларда ҳам уюшқоқлик билан ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқарувида умумхалқ хайрия ҳашарини юқори савияда ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича Ишчи гуруҳи тузилди.
Умумхалқ хайрия ҳашари жойлардаги барча ташкилотлар, муассасалар, корхоналар, шунингдек, фуқаролар йиғинлари ҳудудида уюшқоқлик билан ташкил этилиб, унда юртдошларимиз фаол қатнашмоқда. Эътиборга молик жиҳати уларнинг салмоқли қисмини ёшлар ташкил этмоқда.
Икки кун давомида эл-юрт юмушига бел боғлаган ҳашарчиларнинг ғайрати билан катта миқдордаги майдонда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ариқ-зовурлар тозаланиб, зиёратгоҳ ва қабристонлар тартибга келтирилди. Миллионлаб туп дарахтларга шакл берилиб, оқланмоқда.
Республикамиз бўйича кўплаб маҳаллаларда юзга яқин аҳолига маиший хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари, спорт иншоотлари, гўзаллик салонлари, маҳалла гузарлари барпо этилиши айни ҳашар кунларида ниҳоясига етказилмоқда. Шунингдек, янги маҳалла идоралари, болалар спорт майдончалари, янги ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилаяпти.
Ҳашар – инсонларга меҳр-оқибат, одамийликдан сабоқ берувчи бебаҳо тарбиявий аҳамиятга эга тадбир. У ўзаро меҳр-оқибат ришталарини, айниқса, ёшлар қалбида маҳалла-кўйга, она Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлайди. Қолаверса, ҳашар миллий қадриятлар маскани сифатида маҳаллаларда маънавий ҳаётимизни юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг намунаси ҳамдир.
Айнан ҳашар кунлари маҳалла муҳитида шаклланган ва бугунги кунда ривожланиб бораётган ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож кимсалар ҳолидан хабар олиш, етим-есирларнинг бошини силаш каби халқимизга хос урф-одат ва анъаналар кўлами янада кенгаяди ва кўплаб савобли ишлар амалга оширилади.