Журналист олди-қочди материаллар ёзмасдан, жамиятдаги муаммоларни таҳлил қилиб бериши керак
2019-08-16
Гулистонда “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари О.Абдуғаниев, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар йиғилганларни мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги байрами билан муборакбод этди.
– Ушбу кўрик-танлов ҳар йилгидан ўзгача руҳда ташкил этилиб, жорий йилги танловда янги чеҳралар, интилувчи ёшлар, эркин ижодкорлар кўпроқ бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фарҳод Боқиев. – Ёзувчи, шоир, журналист, рассом, қўйингки барча ижод аҳли учун муҳим тадбир саналмиш “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловида вилоятда фаолият юритаётган 71 ижодкор ўзининг мингдан зиёд иши билан иштирок этди. Айниқса, босма ва интернет журналистлари, ёзувчи ва шоирларнинг ижодий ҳамда оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатига олинган веб-сайтлар ходимларининг журналистлик ишлари 650 дан зиёдни ташкил этди. Барча номинациялар бўйича иштирокчиларнинг материаллари нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳоланди.
– Сирдарёда ташкил этилган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими мен кутганимдан-да зиёда ташкил этилганини тан олиш лозим, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов. – Шу каби танловларга вилоят раҳбарияти томонидан эътибор қаратилар экан, ижодий рақобат бўлади. Ижодий рақобат бор жойда эса ўсиш, ривожланиш бўлади, мукаммал, пишиқ ва барчага манзур бўладиган ижод намуналари дунёга келади. Шу ўринда, ушбу танловнинг яна бир ўзига хос жиҳати танловда ёш, эркин ижодкорларнинг иштирок этгани уни янада бойитганини ҳам тан олмай иложимиз йўқ.
Нуфузли ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловида ўз соҳалари бўйича 1-ўринни эгаллаган 19 нафар ижодкорнинг 6 нафарига катта экранли телевизор, 13 нафарига планшет совға қилинди. Шунингдек, 2, 3-ўринларни эгаллаганларга ва турли номинация соҳибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
– Халқ дардию қувончи билан бирга яшаш, зафарларини талқин қилиб, уларни қийнаётган муаммоларини қалбан ҳис қила билиш, уларни борича ёритиш нафақат биз – газета журналистларининг, балки ҳар бир оммавий ахборот воситаси ходимининг профессионал бурчи деб биламан, – дейди танлов ғолибларидан бири, “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг вилоят мухбири Бозорбой Бекмуродов. – Бугунги журналистика кечагисидан тубдан фарқ қилади. У жуда жадаллик билан ривожланмоқда. Лекин муштарийларга бераётган маълумотларимизнинг асосий қисмини ҳар хил тадбиру олди-қочди воқеликлар ташкил этаётгани ачинарли. Соҳа раҳбарларига ана шундай хабарларни чоп этишда профессионал ёндашув етишмаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Журналист ўз мақолалари билан жамиятдаги муаммоларни таҳлил қилиб бермоғи лозим. Токи бу масала жамият ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилсин. Чунки журналист бошқалардан икки қадам олдинда юриши ва олдиндан кўра билиши шарт.
Сирдарёлик ижодкорларнинг ушбу тадбири халқ билан биргаликда ўтказилгани, халқ билан биргаликда нишонлангани йиғилганларнинг эътирофига сазовор бўлди. Айниқса, кўрик-танлов давомида жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари кутубхонасидан ўрин олган ижодкорларнинг асарлари китоблари савдоси ва тасвирий санъат кўргазмаларининг ташкил этилгани барчада жуда катта таассурот қолдирди.
Байрам тадбирида намойиш этилган таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочиларнинг “Энг улуғ, энг азиз” деб номланган концерт дастури йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА
Манба: ЎзА