Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“DigiGirlz” таълим дастури
2018-04-03
Ўзбекистонда биринчи маротаба қизлар салоҳиятини ошириш ва уларни технологиялар соҳасига жалб этишга қаратилган “DigiGirlz” таълим дастури бўлиб ўтади. Мазкур таълим дастурига қизиқиш билдирган қизлар 2018 йил 6 апрелгача рўйхатдан ўтишлари керак.
“DigiGirlz” – “Microsoft” корпорациясининг қизчалар учун илм-фан, технология, муҳандислик иши ва математика соҳаларида таълимга инвестиция дастуридир. Дастур глобал иқтисодиётнинг чақируви ва муаммоларига тайёр бўлган келажак ходимларини тайёрлаш учун мўлжалланган.
Дастлабки таълим дастури 2018 йил 10 апрель куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг биносида бўлиб ўтади. Дастур ёш қизларга технология соҳаси ва янги инновациялар билан танишиш имконини беради.
Таълим дастури иккита блокдан иборат бўлади. Биринчи бўлимда иштирокчилар стереотипларни синдириб, аёллар учун ноанъанавий бўлган технология саноатида карьера қилган “Microsoft” корпорацияси вакиллари ва мутахассисларининг маърузаларида иштирок этадилар. Ушбу маърузалар қизларга нималарни кутиш кераклигини ва бу соҳада иш нима бериши мумкинлигини тушунишга имкон беради.
“DigiGirlz”нинг иккинчи қисми ахборот технологиялари соҳаси ҳаяжонли ва қизиқарли бўлиши мумкинлигини қизларга кўрсатиб берадиган амалий машғулотлардан иборат бўлади.
Дастурда 12-14 ёш (кичик гуруҳ) ва 15-17 ёш (катта гуруҳ)даги қизлар иштирок этишлари мумкин. Қизиқиш билдирган қизлар 2018 йил 6 апрелига қадар “DigiGirlz”га digigirlz.uz сайти орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. Ўринлар сони чекланган (ҳар бир гуруҳ учун 30 нафардан). 2018 йил 7-8 апрель кунлари рўйхатдан ўтганлар дастлабки мажбурий семинарларда иштирок этишади.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида ўтказилмоқда. “DigiGirlz” тадбирига “Microsoft” корпорацияси, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, “Mirzo Ulugbek Innovation Center”, АКТ вазирлиги ҳамда БМТТДнинг "Самарали Давлат Бошқарувини ривожлантириш ва Рақамли Трансформацияга кўмак" қўшма лойиҳаси, шунингдек, “SuperDispatch” компаниялари ташкилотчилик қилишмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги