Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мустақиллик майдони номи берилган кун

2015-09-05

Президентимиз Ислом Каримов фармонига биноан 1991 йил 5 сентябрда мамлакатимизнинг бош майдонига Мустақиллик майдони номи берилган

Ер шарида алоҳида ажралиб турган Ўзбекистон харитаси, фарзандига меҳр-ла термулган бахтиёр она сиймоси, парвозга шайланган турналар... Мустақиллик майдонида қад ростлаган бу рамзларда Ватан, истиқлол, миллий ғурур, тинчлик-тотувлик, она меҳри, барқарорлик, ободлик, буюк келажак нафаси бор.

Ҳа, Мустақиллик майдони эл-юртимиз ҳаётида чуқур маъно-мазмунга эга. Бу улуғвор маскан аждодларимиз асрлар давомида орзиқиб кутган, бугунги бахтиёр авлодларга насиб этган энг улуғ, энг азиз неъмат – истиқлолимиз, келажаги буюк давлат барпо этиш йўлида юксак марраларни забт этаётган азму шижоатли халқимиз қалбидаги эзгу ва беғубор орзулар ифодасидир.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари самарасида Тошкентнинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Миллий меъморлик ва замонавий архитектура анъаналарини ўзида мужассам этган муаззам майдонлар, сўлим боғлар, кенг ва равон йўллар, маҳобатли кўприклар, кўркам уй-жойлар, ижтимоий объектлар шаҳар кўркига кўрк бағишлади.

Давлатимиз раҳбари ғояси ва раҳнамолигида Мустақиллик майдонида улкан қурилиш ва ободончилик ишлари амалга оширилиб, у яхлит меъморий ансамбль, ноёб мажмуа кўринишини олди. Бу ерда олиб борилган бунёдкорлик ишлари бош майдонимизнинг нафақат манзарасини, балки мазмун-моҳиятини ҳам тубдан ўзгартириб юборди.

Бир вақтлар асосан бетон билан қопланган майдон бугун дилга ором бағишловчи фусункорлик касб этган. Каштан, қарағай, арча, эман, қайин каби ҳавони тозаловчи ва кислород билан бойитувчи дарахтлар, турли бута ва гулларни кўриб, яйрайсиз.

Мустақиллик майдонига Эзгулик аркаси орқали кириб борилади. Арка тепасидаги парвозга шайланаётган турналар халқимизнинг ўз буюк орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш йўлидаги юксак интилишлари тимсолларидир.

Муаззам майдонга қадам қўяр эканмиз, ажиб сокинликни, унинг замирида мужассам бўлган мамлакатимиздаги осойишталикни теран ҳис этамиз. Шу билан бирга, бугунги тинч-осуда ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир синов ва машаққатлар эвазига эришганимиз хаёлдан ўтади. Тилимиз, динимизнинг ғариб аҳволи, улуғ аждодларимизнинг муқаддас хокларига эътиборсизлик, миллий ғуруримиз, инсонлик шаънимиз, урф-одатларимизни менсимаслик... Қалбимизга алам ва азоб солган ўша машъум хотиралар ҳар биримизни мустақиллик аталмиш энг улуғ, энг азиз неъматнинг, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етишга чорлайди.

– Ёшлигим мана шу майдонга туташ Анҳор бўйларида ўтган, – дейди Эркин ота Расулов. – Ўша даврларда майдоннинг умрида юртимизга бирор марта ҳам қадам қўймаган, тарихимиз ва қадриятларимизга мутлақо алоқаси бўлмаган “доҳий” номи билан аталганидан ажабланардик. Майдон узра юрган мустамлакачиликнинг ҳарбий машиналари дилга ҳадик соларди. Ҳозир ушбу улуғвор масканда ўзбекнинг мунис онаси, келажагимизни ўзида мужассам этган беғубор болакай қиёфаси нурланиб турибди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2005 йилнинг 28 декабрида Мустақиллик монументи олдида Бахтиёр она сиймоси ифода этилган муаззам ҳайкал қад ростлади. Бугунги тинч, осуда ҳаётимиз, порлоқ келажакка бўлган мустаҳкам ишончимиз акс этган, фарзандини бағрига босиб, унга термулиб турган бахтиёр она сиймосида ҳар биримиз ўз онамизни, беғубор болалигимизни, баркамол авлодимизни кўргандек бўламиз. Мазкур мажмуа эркин демократик давлат, инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари барча нарсадан устун турадиган фуқаролик жамияти барпо этилаётган мамлакатимизда аёл зотига бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.

Бугун жамиятимизда хотин-қизларни қадрлаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган. Зеро, Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, ҳар қайси миллат ва халқнинг маънавий камолотини гўёки ойнадек акс эттирадиган шундай бир мезон борки, у ҳам бўлса, жамиятнинг хотин-қизларга бўлган муносабати, ҳурмати билан белгиланади. Шу жиҳатдан мамлакатимиз бош майдони марказида қад ростлаган Бахтиёр она ҳайкали юртимизда оила қўрғонининг чиройи ва чароғбони бўлган аёл зотига кўрсатилаётган юксак эътибор ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.

Майдоннинг кўркига кўрк қўшиб турган обидадаги зарҳал Ер шари рамзида алоҳида ажралиб турган Ўзбекистон харитасини кўрган юртдошларимиз шуурида чексиз ғурур-ифтихор туйғулари жўш уради. Ушбу тасвир Ватанимиз дунё ичра ягоналиги, унинг жаҳон айвонида ўз ўрни, обрўси борлиги ва шуҳрати тобора юксалиб бораётгани ифодасидир.

Халқимизнинг орзу-интилишларини теран ифода этган, ёшларимизнинг маънавий оламини эзгу ғоялар асосида шакллантириш ва камол топтиришга хизмат қилаётган мазкур мажмуага Юртбошимиз таклифига биноан Мустақиллик ва эзгулик монументи, деб ном берилган.

Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Бош майдонимизнинг ажралмас қисмига айланган Хотира майдони бугунги дориломон кунларимиз учун жон фидо қилган ватандошларимизга юксак эҳтиром ифодасидир. Хиёбон марказидаги мангу аланга, Мотамсаро она ҳайкали, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбекистонлик жангчиларнинг исм-фамилияси битилган айвонлар токчаларига ўрнатилган металл тахталар юртимизда инсон олий қадрият, хотираси муқаддас эканидан сўзлаб, ҳар биримизни юртимизда ҳукм сураётган, энг катта бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, миллатлараро тотувликни кўз қорачиғидек асрашга чорлайди.

Бугун Ватанимизнинг бош майдони юртдошларимиз учун севимли сайилгоҳ, табаррук зиёратгоҳ ва юксак маънавият масканидир. Умумхалқ байрамлари ва тантанали маросимларда, спортчиларимизни халқаро мусобақаларга кузатиш пайтида Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбарлар қўйиш яхши анъанага айланган. Юртимизга ташриф буюрган хорижий мамлакатлар раҳбарлари, турли даражадаги делегациялар вакиллари ҳам давлатимизга бўлган ҳурматини ушбу Монумент пойига гулчамбар қўйиш орқали ифода этмоқда.

– Бундан беш йил аввал келган бўлсам-да, пойтахтимизни таниёлмай қолдим, – дейди самарқандлик Гулнора Саидова. – Шу қисқа вақт оралиғида Тошкент қиёфаси мислсиз даражада ўзгарибди. Гўзал бино ва иншоотлар, кўчаю хиёбонлар пойтахт чиройига чирой қўшибди. Айниқса, Мустақиллик майдонидаги ўзгаришларни кўриб юрагим ҳаяжонга тўлди. Юртбошимиз айтганидек, ҳеч кимдан кам эмаслигимизга, кам бўлмаслигимизга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.

Майдонни томоша қилаётганлар орасида кўплаб чет элликларни ҳам учратиш мумкин.

– Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман, – дейди хитойлик тадбиркор Кизхи Яньцзюнь. – Аммо ҳеч қаерда Ўзбекистондек жаннатмонанд юртни, ўзбеклар сингари бағрикенг ва меҳмондўст халқни, Тошкентдек гўзал ва сокин шаҳарни кўрмаганман. Бу ердаги ҳар бир иншоот шаҳарнинг чиройини очиб турибди. Мустақиллик майдонидаги орасталик, сокинлик, файзу тароват киши дилига ором беради. Шу боис бу ерда кўп сайр қиламан.

Мамлакатимизнинг бош майдони ҳисобланган Мустақиллик майдони ўзининг бетакрор қиёфаси, теран мазмун-моҳияти билан халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, буюк келажак сари катта умид ва ишонч билан интилиши, қандай улуғ ишларга қодир эканининг амалий ифодаси сифатида барчамизни шу буюк Ватанга садоқат билан хизмат қилишга даъват этаверади.

Манба: ЎзА

Поделиться