Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мамлакатимиз БМТга аъзо бўлганининг 30 йиллиги

2022-03-02

Ўзбекистон БМТга 1992 йилнинг 2 мартида аъзо бўлган. Тошкент шаҳрида БМТ ваколатхонаси очилган 1993 йилдан бошлаб эса ташкилотнинг бир қатор дастурлари, жамғармалари ва тузилмалари ўз фаолиятини бошлади.

Жорий йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзолигига қабул қилинганлигининг 30 йиллиги нишонланади. Бу, шубҳасиз, мамлакатимизнинг замонавий ривожланиши йўлидаги муҳим тарихий воқеа ҳисобланади.

 

 

Маълумки, бугунги кунда БМТ ўз фаолияти моҳиятига кўра дунёда энг йирик ва универсал ташкилот бўлиб, унинг ўрнини боса оладиган бошқа бирорта халқаро тизим мавжуд эмас. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таъкидланганидек, «ушбу ташкилотга аъзо бўлиш мамлакатимизга тинчлик, тараққиёт ва ҳамкорлик масалаларини глобал даражада илгари суриш, замонамизнинг қатор энг мураккаб халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммоларини ҳал қилиш жараёнида фаол иштирок этиш имконини берди».

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсат натижасида Ўзбекистон ва БМТ ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатлари янги поғонага кўтарилди.

Ҳақиқатан ҳам ўтган беш йил мобайнида Ўзбекистон БМТ кун тартиби доирасида муҳим ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Бугун Ўзбекистон БМТ доирасида муҳим жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки долзарб халқаро ташаббусларнинг ижодкорига айланди, десак асло муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикасининг БМТ билан ҳамкорлигидаги устувор йўналишлар сифатида минтақавий хавфсизликни таъминлаш, Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ҳамкорликни илгари суриш, оммавий қирғин қуроллари тарқалишига йўл қўймаслик, республикамизни ижтимоий-иктисодий ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилиш, Афғонистон можарасини тинч йўл билан ҳал этиш, халқаро ҳамжамият эътиборини экологик муаммоларга, жумладан, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишга қаратиш, таълим, фан ва маданият соҳаларидаги алоқаларини кенгайтириш сингари йўналишларни  алоҳида таъкидлаш жоиздир.

Сўнгги беш йил ичида давлатимиз етакчиси ва БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш ўртасида сиёсий мулоқот мустаҳкамланди. Энг асосийси, БМТ Бош котиби Ўзбекистон раҳбари раҳнамолигида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни юқори баҳолаб, Марказий Осиёда Ўзбекистоннинг янги сиёсати туфайли кузатилаётган ижобий ўзгаришларни намуна сифатида эътироф этмоқда.

Натижада БМТ доирасида Ўзбекистоннинг нуфузи янада ошди, ташкилот раҳбарияти ва унга аъзо давлатлар орасида мамлакатимизга нисбатан мутлақо ижобий фикр шаклланди.

Шу боис сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган деярли барча ташаббуслар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Жумладан, БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон томонидан киритилган 4-та махсус резолюцияни қабул қилди.

Эътиборли томони шундаки, ушбу барча резолюциялар БМТга аъзо давлатлар томонидан консенсус асосида бир овоздан қабул қилинди ва ҳар бир ҳужжат ҳаммуалифлари қаторига дунёнинг турли минтақаларидан 50 дан ортиқ мамлакатлар кирди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон БМТ асосий органи ҳисобланадиган Бош Ассамблея 74-сессияси раисининг ўринбосари этиб сайланди. Бу икки томонлама ҳамкорлик тарихидаги яна бир муҳим воқеа бўлди.

Мамлакатимиз БМТ билан атроф-муҳит ва экология муаммоларини ҳал этишда ҳам яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Давлатимиз раҳбари 2017 йил БМТ юқори минбаридан туриб, бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири – Орол инқирозига дунё ҳамжамияти эътиборини яна бир бор қаратар экан, халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаоллипк билан бирлаштиришга даъват этди.

Бунинг натижаси ўлароқ, 2018 йил ноябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида мазкур ташкилотнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармаси тузилди. Жамғарма ташкил топгандан бугунги кунга қадар халқаро донор ҳамжамиятининг маблағлари жалб қилингани ҳолда, Оролбўйи ҳудуди аҳолисининг ҳаёт тарзини яхшилаш, уларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, денгиз қуришининг салбий оқибатларини маҳаллий аҳоли саломатлигига таъсирини камайтиришга қаратилган аниқ лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бу борадаги яна бир муҳим қадамлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти таклифига биноан, 2021 йилнинг 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеяси Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилгани ва махсус резолюцияни қабул қилгани бўлди.

Шуниси катта эътиборга сазоворки, Оролбўйи БМТ томонидан “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” деган юқори мақом берилган илк минтақа бўлди.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш БМТ билан ўзаро манфаатли муносабатларнинг яна бир муҳим йўналиши ҳисобланади. 2020 йилда Ўзбекистон тарихда биринчи маротаба БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланди. Бу, ўз навбатида, давлатимиз инсон ҳуқуқларини таъминлашда эришган ижобий ўзгаришларнинг бутун дунё ҳамжамияти томонидан тан олинишини яққол тасдиқлайди.

Ўзбекистон Президенти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида нутқ сўзлаб, мамлакатда демократик янгиланишларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш доирасида муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Жорий йил январь ойида қабул қилинган Янги Ўзбекистонни 2022-2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни бажариш, республикамизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёни ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш ҳамда экологик муаммоларни бартараф этишга БМТ ва унинг ихтисослашган муассасаларини фаол жалб қилиш ҳозирги пайтда мамлакатимизнинг БМТдаги Доимий ваколатхонаси олдида турган муҳим вазифалар сирасига киради. Бу вазифаларнинг тўла амалга оширилиши, шубҳасиз, мамлакатимизнинг БМТ билан ўзаро манфаатли ҳамкорлиги кўламларини кенгайтириши баробарида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться