Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун

2021-07-02

..1992 йил 2 июль. «Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида»ги қонун имзоланди. Халқимиз ўзи истаган ва танлаган йўл – эркин, озод ва обод, фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида яна бир муқаддас тимсолга эга бўлди. Бу билан мамлакатимиз мустақиллиги янада мустаҳкамланди. Ўзбекистон халқи ўз қадр-қимматини, ғурурини, тарихи ва миллий қадриятларини чуқурроқ англай бошлади.

Шундан эътиборан давлатимиз герби тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғозлар ва фуқаролик паспортида ҳамда қонунда белгиланган бошқа ҳужжатлардан жой олмоқда.

Ўзбекистон герби давлатимиз чегараларида ўрнатилди.

Аждодларимиз давлат тамғасини азалдан муқаддас билган. Маҳмуд Қошғарий «Девону луғотит турк» асарида тамғани «подшоҳнинг ҳукмдорлик муҳри», деб изоҳлаган. Соҳибқирон Амир Темур тамғасида «Куч – адолатда» ёзуви муҳрланган. Улуғ бобомиз салтанат асосини ана шу ҳикмат асосига қурган. Буларнинг барчаси давлат тамғаси халқимиз ҳаёти ва миллий давлатчилик тарихимизда озодлик, ғурур-ифтихор ва ор-номус тимсоли бўлганидан далолатдир.
Гербимиздаги ҳар бир ранг, чизиқ, белги чуқур рамзий маънога эга. Баланд тоғлар орасидан оқаётган дарёлар – ҳаёт боқийлиги рамзи бўлса, гербнинг сўл томонидаги буғдой бошоқлари ризқ-рўзимиз бутунлигини, ўнг томонидаги қийғос очилган пахта юртдошларимиз қалби, нияти поклигини, беқиёс бойликларимизни акс эттиради.
Гербнинг юқори қисмида мамлакатимиз жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. Мусамман ичидаги ярим ой – қўлга киритилган мустақиллигимизни, юлдуз халқимиз ҳамиша комилликка интилиши ва саодатга элтувчи йўлни танлаганини билдиради. Бу тимсоллар миллий анъана ва қадриятларимизнинг боқийлиги, маънавиятимиз юксаклиги, ирода ва эътиқодимиз мустаҳкамлиги рамзидир.

Давлатимиз гербида гуллаган водий узра нур сочаётган қуёш тасвири заминимизнинг серқуёшлигига, халқимиз интилаётган нурафшон манзилларга ишорадир.
Гербнинг марказидаги қанотларини кенг ёйиб турган Ҳумо қуши қадимдан бахт ва давлат қуши, эрк, саодат, ҳиммат, олижаноблик, омад тимсоли ҳисобланган. Ҳазрат Алишер Навоий «Лисонут-тайр» достонида Ҳумони бахт ва иқбол, эзгулик ва улуғворлик келтирувчи қуш сифатида тасвирлаган.

Давлатимиз гербининг пастки қисмида, байроғимизни эслатувчи чамбар бандида зарҳал ҳарфлар билан барчамиз учун азиз ва муқаддас бўлган «Ўзбекистон» сўзи битилган.
Барча давлат рамзлари қатори герб ҳам халқимизнинг шаъну шавкати, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва орзу-умидларини ўзида мужассам этади. У олий саодат – истиқлолимиз рамзи, ўзини шу юрт фарзанди деб билган ҳар бир инсон учун чексиз фахру ифтихор манбаидир.

...Гербимизни ҳар гал кўрганда, унинг юксак маъно-мазмунидан чексиз ғурур туямиз. Чунки Ўзбекистон герби – давлатимиз суверенитетини ифодалайдиган, халқимиз ор-номуси ва шаънини мустаҳкамлайдиган муқаддас тимсолдир. Зотан, ўз қадр-қимматини, таянчи ва суянчини англаган халқ ўз миллий тимсолларини ҳамиша эъзозлайди, маънавияти бутун халқни ҳеч қандай куч ўзи танлаган йўлдан чалғита олмайди.

Поделиться