Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Биринчи Россия – Ўзбекистон минтақалараро ҳамкорлик форуми

2018-10-18

Бугун мамлакатимиз тараққиётининг асосини ташкил этган Ҳаракатлар стратегиясида ўзаро манфаатли халқаро алоқалар алоҳида ўрин тутади. 

Маълумки, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб, мустаҳкамланиб бормоқда. Ушбу ҳамкорликни янада фаоллаштириш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз ҳудудларининг Россия областлари билан тўғридан-тўғри мустаҳкам алоқалари йўлга қўйилди. Бу, айниқса, жорий йилнинг 18-19 октябрь кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик биринчи форуми доирасида амалга ошириладиган ҳаётий лойиҳаларда ҳам ўз аксини топади. 

Ўз навбатида, жорий йилнинг сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг раҳбарлари бошчилигидаги делегациялар Россиянинг кўпгина ҳудудларида бўлиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. 
 

Тенг манфаатли ҳамкорлик
 
Россия Ўзбекистоннинг йирик савдо ва инвестициявий ҳамкори ҳисобланади. Бугунги кунда нефть-газ мажмуи, машинасозлик, электротехника саноати, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳалар тайёрланиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Буни рақамлар ҳам тасдиқлайди: Ўзбекистон МДҲ давлатлари ўртасида Россия билан товар айланмаси бўйича 4-ўринда туради. 2017 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 3,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди ва 33,9 фоизга ўсди. 

Биринчи ярим йиллик якунлари бўйича Россиянинг мамлакатимиз ташқи савдо айланмасидаги улуши 16 фоизга тўғри келди. Икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси, 2,5 миллиард АҚШ долларини (экспорт – 811 миллион, импорт – 1,7 миллиард доллар) ташкил этди. 

Мамлакатимизда Россия Федерацияси капитали иштирокидаги 1200 га яқин корхоналар фаолият юритиб келмоқда. 

Истиқболли ҳамкорликнинг яна бир ёрқин ифодаси – томонлар имзолаган ҳукуматлараро битимга мувофиқ атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида стратегик лойиҳани амалга оширишга киришилди. 

Маълумки, давлатлар ўртасида иқтисодий алоқаларда ҳудудлараро ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Ҳозирда мамлакатимиз хўжалик юритувчи субъектлари Россиянинг Москва, Санкт-Петербург шаҳарлари, Татаристон Республикаси, Алтай, Краснодар ўлкалари, Челябинск, Новосибирск, Свердловск, Тюмень, Иваново сингари саноати ривожланган ҳудудларидаги корхоналар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. 

Икки мамлакат ўртасидаги интеграция жараёнлари чуқурлашуви ҳудудларнинг бевосита иқтисодий алоқалари кўламининг кенгайишини тақозо этмоқда. Бинобарин, бундай мослашувчан бозор муносабатлари ўзаро ҳамкорлик тажрибасида синовдан ўтган. 

Шу маънода Тошкентда ўтадиган форум бевосита иқтисодий алоқалар учун мустаҳкам замин яратишига ишончимиз комил. 
 
Ҳудудлараро форум: ташрифлар, тажриба алмашишлар, умидбахш ғоялар
 
Илк маротаба ўтказилаётган мазкур форум кенг қамровлиги билан ажралиб туради. Хусусан, тадбирда иштирок этаётган контингент даражасининг юқорилиги билан аҳамиятлидир. Форумга ташриф буюриши кутилаётган расмий ва ишбилармон доиралар вакиллари орасида Россия Федерациясининг иқтисодий ривожланиш, ташқи ишлар, қишлоқ хўжалиги, таълим ва фан вазирликлари, йирик компаниялар раҳбарлари, губернаторлар, Савдо-саноат палатаси масъуллари борлиги фикримизнинг ёрқин тасдиғидир. 

Яна бир жиҳат. Ушбу форумнинг ўтказилиши Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиққанлиги билан ҳам изоҳланади. Бўлажак форум доирасида икки давлат ўртасида ҳудудлараро бир қатор инвестицион келишувлар имзоланиши кутилмоқда. Шунингдек, Россиянинг йирик шаҳарларида вилоятларимиз савдо уйлари ва улгуржи тақсимот марказлари, қўшма корхоналар фаолият юритишини ташкиллаштириш ҳам режалаштирилган. 

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида биринчи маротаба ўтказилаётган мазкур форум доирасида қатор экспорт ва импорт шартномалари тузилиши кўзда тутилмоқда. Эътиборлиси, уларнинг аксарияти Ўзбекистондан экспорт қилинадиган маҳсулотлар ва хизматларга оид битимлардир. 

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик биринчи форуми ушбу давлатларнинг кўп қиррали ва узоқ муддатли стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама мустаҳкамланишига ва янада ривожланишига хизмат қилиши табиий. 

 

Обиддин Маҳмудов,

Ўзбекистон Республикаси
Иқтисодиёт вазирлиги
Ахборот хизматининг бош мутахассиси.

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича биринчи форуми штаби:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, 1-01-хона

Телефон: (+99871) 232-65-76

Электрон почта: shtab@mineconomy.uz

Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Поделиться