Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ёшлар куни

2018-06-30

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун 2017 йил 26 августда матбуотда эълон қилинди ва кучга кирди. 

Дунё аҳолисининг қарийб 20 фоизини ёшлар ташкил қилади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади. 

Ёшлар халқимиз, давлатимизнинг бебаҳо бойлиги. Улар учун барча шарт-шароит яратилган, имкониятлар эшиги кенг очилган. 

Бунга жавобан ёшларимиз билим ва салоҳияти билан нафақат юртимиз, балки жаҳон миқёсида ўзларини намоён этаётир. Бугунги кунда тўрт мингга яқин ёшлар турли мукофотларга сазовор бўлган, 110 йигит-қиз Ватанимизнинг юксак унвонлари билан тақдирланган. 22 мингдан ортиқ ёшлар фан олимпиадаларида, 195 нафари халқаро олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритган. 

Ёшларимиз орасида фан номзодлари, фан докторлари ҳам талайгина. Шунингдек, 192 мингдан ортиқ ёшлар турли спорт мусобақалари, уч мингдан кўпроғи халқаро мусобақалар ғолибидир. Ёшларимиз орасида 600 жаҳон чемпиони, 1 минг 300 Осиё чемпиони бор. 

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ташкилий ва ҳуқуқий база яратилган. Хусусан, ўтган йиллар давомида Асосий қонунимиз ва кодекслардан ташқари ёшлар сиёсатига оид 20 дан ортиқ қонун, юзга яқин фармон ва қарор қабул қилинди. 

Ўзбекистон ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатни ратификация қилган. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши мамлакатимизда мазкур йўналишда янги тарихий даврни бошлади. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур тузилманинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича аниқ ташкилий механизмлар жорий этилди. Жумладан, Ёшлар иттифоқининг раиси айни вақтда Президентимизнинг ёшлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси ҳамда Сенат аъзоси бўлди. 

Шунингдек, иттифоқнинг ҳудудий кенгашлари раислари ёшлар сиёсати масалалари бўйича ҳоким маслаҳатчиси ва мақоми бўйича унинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилди. Бундай амалиёт жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда ёшларнинг бевосита иштирокини таъминлайди. Шу билан бирга, кадрлар сиёсатида ҳам ёшлар омилига алоҳида эътибор қаратилиб, билимли, ташаббускор ёшларимизга энг масъулиятли вазифалар ишониб топширилмоқда. 

“Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуннинг кучга киргани мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона ёшлар сиёсатининг ҳуқуқий ифодаси бўлди. 30 июнь – Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни этиб белгилангани фарзандларимиз учун ўзига хос қувончли байрам бўлиши билан бирга уларни янги, юксак марраларга чорловчи беқиёс рағбат бўлишига шубҳа йўқ. 

Шу ўринда бугунги кунда ёшлар билан боғлиқ олдимизда турган долзарб вазифаларга тўхталиб ўтсак. Хусусан, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний жиҳатдан етуклиги, касб-ҳунар эгаллаши, ҳуқуқлари таъминланишига эътибор янада кучайтирилиши зарур. Уюшмаган ёшлар билан ишлашнинг самарали тизимларини ишлаб чиқиш ҳамда бу йўлда аниқ ва манзилли куч ва воситаларни сафарбар этиш даркор. 

Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлод орасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадга мувофиқ. 

Давлатимиз раҳбари ёшлар сиёсатининг ўзига хос нозик жиҳатлари хусусида тўхталиб, “...миллионлаб ёшларнинг ҳаёти ва келажагига бевосита дахлдор бўлган ўзгаришлар ҳар томонлама чуқур ўйлаб иш тутишни, етти ўлчаб, бир кесишни талаб этади”, деб таъкидлади. 

Шу маънода, янги қонун жамиятимиз ва давлатимизнинг ёшлар сиёсатидаги қатъий иродасини намоён этиб, мазмун-моҳияти ва аҳамиятига кўра нафақат мамлакатимиз ёшлари, балки бутун халқимиз манфаатларига хизмат қилади. 
 

Гавҳар Алимова,
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт
масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари.

Манба: ЎзА

Поделиться