Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Самарқандда Марказий Осиё бўйича халқаро конференция

2017-11-10

Самарқанд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ҳамда тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 сентябрдаги фармойишига мувофиқ айни пайтда Самарқандда мазкур анжуманга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Халқаро конференцияга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича штаб фаолияти йўлга қўйилди. Штаб таркибига вилоятдаги мутасадди идоралар масъул ходимлари киритилган бўлиб, улар зиммасига аниқ вазифалар юклатилган. 

– Конференция иштирокчиларини кутиб олиш, уларнинг анжуман доирасидаги тадбирларда қатнашиши ва кузатишгача бўлган барча жараёнларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида 15 ишчи гуруҳи тузилган, – дейди конференцияга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича вилоят штаби котиби Б.Сайдалиев. – Тадбир иштирокчиларини халқаро талаблар ва халқимизга хос юксак меҳмоннавозлик билан кутиб олиш мақсадида Самарқанд халқаро аэропорти ва темир йўл вокзалида барча шароит яратилмоқда. Нуфузли меҳмонларни жойлаштириш ва уларга юқори сифатли хизмат кўрсатиш учун “Регистон Плаза”, “Осиё Самарқанд”, “Гранд Самарқанд”, “Регистон”, “Зилол бахт”, “Регал палас” ва бошқа меҳмонхоналар тайёрлаб қўйилди. Конференция қатнашчиларига таржимонлик ва гид экскурсовод хизматларини кўрсатиш учун Самарқанд давлат чет тиллар институтининг юқори малакали ўқитувчи ва талабалари сараланиб, улар билан машғулотлар олиб борилмоқда. Шаҳардаги “Форумлар мажмуасида” конференциянинг ялпи йиғилиши ва шўъба мажлисларини, шунингдек, иштирокчиларнинг икки ва кўп томонлама учрашувларини юқори савияда ўтказиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. 

Анжуман доирасида меҳмонларнинг Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар, муқаддас зиёратгоҳлар ва бошқа диққатга сазовор масканларга саёҳати, таълим ва тиббиёт муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишиши режалаштирилган. Шу боис айни пайтда ушбу масканларда кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Шаҳар кўчалари конференция руҳига мос тарзда баннер ва кўргазмали воситалар билан безатилмоқда. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа қатор халқаро тузилмалар, хорижий давлатлар расмий вакиллари, нуфузли сиёсатчилар, олим ва мутахассислар иштирокида Самарқандда ўтказиладиган мазкур халқаро конференция Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида илгари сурилган илғор ғоя ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш, дунё халқлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз. 

Поделиться