Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Соғлом авлод учун” ордени таъсис этилган кун

2017-03-04

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1993 йил 4 мартдаги фармонига мувофиқ “Соғлом авлод учун” ордени таъсис этилди.

Баркамол авлод орзуси – энг буюк орзу. Ўзбекистоннинг келажаги буюк эканига қатъий ишонч билан яшаётган халқимизнинг орзуси бу. Мамлакатнинг қудратини белгилайдиган омиллар кўп. Бироқ уларнинг энг асосийларидан бири шу юртда вояга етаётган юксак маънавиятли, жисмонан соғлом, ҳар томонлама баркамол авлоддир. Зеро, эл-юртнинг келажаги бугун камолга етаётган ёшлар қўлида. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, юртимиздаги ҳар қайси инсон, ҳар қайси оиланинг энг эзгу орзу-мақсадлари, ҳаётий манфаатлари авваламбор унинг фарзандлари тимсолида намоён бўлади, рўёбга чиқади. 

Азалдан халқимиз боланинг дунёга келиши, унинг парвариши ва таълим-тарбиясига юксак эътибор қаратган. Ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини шакллантириш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, эл ишига камарбаста, ватанпарвар, жисмонан чиниққан ва маънан етук авлодни камол топтириш умрбоқий қадриятларимизнинг асосини ташкил этади. 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1993 йил 4 мартдаги фармонига мувофиқ таъсис этилган мустақил Ўзбекистоннинг илк ордени «Соғлом авлод учун» деб номланишида ҳам ана шу эзгу мақсад мужассам. 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида миллат генофондини сақлаш ва яхшилаш, аҳолининг умр кўриш давомийлигини ва турмуш даражасини ошириш, соғлом зурриёдни дунёга келтириш ва тарбиялаш учун шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун шаҳару қишлоқларимизда фаолият юритаётган замонавий мактаблар, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, болалар ижодиёти марказлари, спорт саройлари, тиббий муассасалар соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Маънавияти юксак, ижодий-интеллектуал салоҳиятли авлодни тарбиялашда жисмоний тарбия ва спортнинг ўрни беқиёс. Мамлакатимизда болаларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган ва бу иш изчил давом этмоқда. 

Ўзбекистонда навқирон авлод саломатлиги, камолоти ва истиқболи, оила, оналик ва болалик манфаатларини кучли ижтимоий ҳимоялаш борасидаги тизимли ва пухта ўйланган амалий чора-тадбирлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Халқаро мусобақалар, йирик чемпионатлар, санъат ва маданият фестиваллари, ижодий танлов ва беллашувлар, интеллектуал олимпиадаларда навқирон юртдошларимиз фаол қатнашиб, Ватанимиз шарафини жаҳон миқёсида муносиб ҳимоя қилаётгани мамлакатимизда ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол шахсни вояга етказиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ёрқин натижасидир. 

«Соғлом авлод учун» ордени билан тақдирлаш – бу жараёнга улкан ҳисса қўшаётган инсонлар меҳнатининг юксак эътирофидир. 

Икки даражадан иборат мазкур орден билан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, атроф-муҳитни яхшилаш, соғлом авлодни камол топтириш йўлида фидокорона хизмат қилаётган инсонлар мукофотланади. Мазкур орден билан бошқа давлатлар фуқаролари ҳам мукофотланиши мумкин. 

Орденнинг тасвирида ўзига хос рамзий маъно-мазмун мужассам. Унинг ўнг қисмидаги қуёш нурлари фонида фарзандини опичлаб турган Она сиймоси акс эттирилган. Ватан тимсоли бўлган мунис волида меҳр ва хотиржамлик билан фарзандига термулиб ўтирибди, эзгу орзу-интилишлар рўёби бўлмиш беғубор гўдак қувонч ва иштиёқ билан нурга – эзгуликка талпинмоқда. 

Орден бириктирилган дастанинг ички қисми яшил рангдаги товланувчи лента билан ўралган. Лентанинг ўртасида гуллаб турган ўрик новдаси тасвири туширилган. Гуллаётган ўрик новдаси – кўклам, табиатдаги, онгу тафаккуримиздаги уйғониш тимсоли. Бу тасвир яшариш ва янгиланиш рамзи бўлган яшил ранг фонида янада гўзал жило ва теран мазмун ифода этади. 

Соғлиқни сақлаш, таълим, спорт соҳаларида самарали меҳнат қилиб, соғлом авлодни вояга етказишга муносиб ҳисса қўшаётган кўплаб ватандошларимиз «Соғлом авлод учун» ордени билан тақдирланган. 

«Соғлом авлод учун» ордени буюк келажагимиз ворисларини тарбиялашда юртдошларимизга куч-ғайрат бағишлайди. Зеро, фарзандларини тинч ва осойишта юртда безавол, тани-сиҳатликда камолга етказиш, уларни эл корига ярайдиган инсонлар этиб тарбиялаш, бахту-камолини кўриш ҳар бир юртдошимизнинг эзгу орзусидир. 

 
Зиёдулла Жонибеков, ЎзА 

Поделиться