Демонстрация сельскохозяйственного оборудования и технологий пищевой промышленности
В Узэкспоцентре начались 13-е международные выставки “UzAgroExpo–сельское хозяйство" и “UzProdExpo–пищевая промышленность, торговое и холодильное оборудование, тара и упаковка, продукты питания и напитки”.
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “IEG Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияcи билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазмада Ўзбекистон, Хитой, Корея Республикаси, Германия, Россия, Исроил, Испания, Италия, Туркия, Финляндия, Голландия, Ҳиндистон, Беларусь, Латвия, Украина ва Қозоғистон каби давлатлардан 120 компания вакиллари иштирок этмоқда.
– Бундай кўргазмалар қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий мини-технологияларни кенг жалб қилиш, маҳсулотлар турини кўпайтириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Муҳаммаджон Қосимов. – Айни вақтда мамлакатимизда яратилган қулай шароит ва имтиёзлар, дехқону фермерларнинг фидокорона меҳнати туфайли барча турдаги қишлоқ хўжалиги экинларидан ҳар йили мўл ва сифатли ҳосил етиштирилмоқда. 180 дан ортиқ турдаги мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар экспорт қилинаётгани бунинг исботидир.
“UzAgroExpo – 2017” кўргазмасида замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси ва эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш, деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, ветеринария технологиялари ва маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва ташишга ихтисослашган корхона-ташкилотлар маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарининг кенг экспозицияси кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Ер эгалари Германия, Россия, Беларусь каби етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг янги қишлоқ хўжалиги техникалари билан танишмоқда.
Иқтисодиёт тармоқларида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси иштирокчилар орасида мамлакатимиз компаниялари сонининг ошганида ҳам намоён бўлмоқда. Зеро, уларнинг умумий экспозициядаги улуши 40 фоизни ташкил этмоқда. Йўл-қурилиш, қишлоқ хўжалиги, коммунал тармоқ ва бошқа соҳалар техникасининг янги турларини ишлаб чиқарувчи «Аmkodor- Аgrotexmash» масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон–Беларусь қўшма корхонаси, премикслар, озуқа ва кўшимчалар ишлаб чиқарувчи «1mkon Рremix», қишлоқ хўжалиги техникасини сотишга ихтисослашган «Аgrotechsystem», инновацион ветеринария препаратлари, вакциналар, антибиотиклар, витамин ва дезинфекцияловчи воситалар тайёрловчи «Мirta investment consulting service» корхоналари шулар жумласидандир.
– «Chirchiq Mash Agro» корхонасидан лазерли ер текислаш ускунаси харид қилиш учун шартнома имзоладик, – дейди Фарғона вилояти Ёзёвон тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Ҳасанбой Хўжақулов. – Айни пайтда ҳайдалмаган ерга ишлов бериш жараёнида лазерли текислаш ускунасидан фойдаланиш ишлари кенгаймоқда. Бунинг афзаллиги ер текис бўлади, сув бир маромда тарқалади, ҳосилдорлик 20 фоизга ошади.
Мамлакатимизда интенсив боғлар барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Кўргазма доирасида интенсив боғлар учун мевали дарахт ва декоратив ўсимликлар кўчатлари намуналари Голландия, Туркия, Қозоғистон компаниялари стендларида намойиш этилмоқда.
– Биз маҳаллий иқлим шароитимизга мослаштирилган ёнғоқ, бодом, писта ва зайтуннинг замонавий плантацияларини яратиш дастурини ишлаб чиқдик, – дейди Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси технологи Илёс Ҳайдаров. – Фермерларга ёнғоқзорлар ташкил қилишда амалий кўмак бераётирмиз. Ҳозир Самарқанд вилояти Жомбой туманида 500 гектарлик ёнғоқзор барпо этилди. Сурхондарё, Жиззах вилоятларида ерлар тайёрланмоқда. Лаборатория қурилмоқда, унда 2018 йилдан бошлаб четдан келтирилган ёнғоқ навларини клонлаштиришни йўлга қўямиз.
Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирларининг изчил амалга оширилиши, соҳанинг давлат томонидан тизимли қўллаб-қувватланиши хўжаликларда қорамол сонини сезиларли даражада ошириш, ички истеъмол бозорини чорвачилик маҳсулотлари билан тўлдиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, чорвачилик соҳасида жорий йилнинг тўққиз ойида 43 минг бошдан ортиқ қорамол боқиш бўйича 1 минг 257 лойиҳа амалга оширилиб, қарийб 3 минг 500 иш ўрни яратилди.
Кўргазмалардан паррандачилик ускуналари ҳам кенг ўрин олган. Мисол учун, парранда етиштириш ускуналарини «Тavsan Рoultry Еquipment» компанияси (Туркия), товуқ, жўжа ва бедана учун катакли ускуналарни «Zucami poultry equipment» компанияси (Испания), наслдор қорамолларни, сутни қайта ишлаш ускуналари, тухум ва бройлер парранда фабрикалари учун ускуналарни «Van der ploed international В.V» компанияси (Голландия) таклиф этмоқда.
“UzProdExpo – 2017” кўргазмасида ҳар йили озиқ-овқат саноати ва қайта ишлаш саноатининг барча тармоқлари учун асбоб-ускуналар намойиш этилади. «Озиқ-овқат саноати учун асбоб-ускуналар ва технологиялар» бўлимида Туркия компаниялари қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида қўлланиладиган, ҳўл мева-сабзавотларни музлатиш, қуритиш ва консервалашдан тортиб, қадоқлашгача бўлган линияларни, ёғ-мой ишлаб чиқариш ускуналарини хитойлик ишлаб чиқарувчилар намойиш этмоқда.
– Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли аҳоли сонига мос равишда қайта ишлаш саноати ҳам юксалиб бораётганига гувоҳ бўлаётирмиз, – дейди Россиянинг «Prodinvest» компанияси тижорат директори Владимир Рудениа. – Шу боис биз ҳам ҳамкорликни кенгайтириш ниятидамиз. Ҳозир компаниямиз дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатига сут ингредиентлари, озиқ-овқат ва ем саноати учун йирик ҳажмдаги қўшимчалар етказиб беради. Шунингдек, сутни қайта ишлашга мўлжалланган иккита ишлаб чиқариш корхонамиз бор.
Озиқ-овқат бозорлари, йирик савдо марказлари, омборхона эгаларига дўкон ва супермаркетларни «тайёр ҳолда топшириш» автоматлаштирилган тизимлари, мева-сабзавот омборлари, сархиллаш ва қадоқлаш марказлари, музлатиш камералари учун ускуналар, совутиш қурилмалари қизиқарли бўлиши тайин. Бу маҳсулотларни Голландия, Италия, Туркия, Жанубий Корея компаниялари стендидан топиш мумкин.
Кўргазмалар доирасида «Қишлоқ хўжалигида ва озиқ-овқат саноатида самарали бизнес юритиш учун Новосибирск вилоятининг илғор компанияларидан технологиялар», «Ўзбекистонда ёнғоқчиликни ривожлантириш» мавзуларида илмий-амалий семинар ўтказилади. Унда боғдорчилик, сабзавотчилик ва асаларичиликда янги технологияларни ўзлаштириш масаласи муҳокама қилинади.
Сайёра Шоева, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА