Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва Европа қўшничилик кенгаши ҳамкорлиги йўлга қўйилмоқда

2021-07-19 | Сиёсат

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази О.Ҳакимов Европа қўшничилик кенгаши (ЕҚК) (European Neighbourhood Council - ENC) бошқарувчи директори Самуэль Вестербай билан учрашди.

Марказда бўлиб ўтган учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари, шунингдек, ўзаро тадқиқотлар юзасидан фикр алмашилди.  

О.Ҳакимов Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг асосий мақсад ва вазифалари, марказ платформасида очилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Ҳукумат Акселераторининг олиб бораётган тадқиқотлари ва фаолияти ҳақида сўзлаб берди.  

С.Вестербай ЕҚК Брюсселда жойлашганини ва Европа Иттифоқининг ташқи ва хавфсизлик сиёсатининг глобал стратегиясини кенгайтириш ва рағбатлантириш сиёсатини мустаҳкамлаш масалалари билан боғлиқ тадқиқотлар олиб борадиган ва лойиҳаларни амалга оширадиган мустақил таҳлил маркази эканлигини маълум қилди.

Жумладан, ЕҚК Европа Кенгаши ва Европа парламенти учун Марказий Осиё ва яқин Шарқ мамлакатлари, шунингдек, Туркия билан боғлиқ сиёсат ва хавфсизликнинг турли жиҳатлари бўйича тадқиқотлар олиб боради ва маърузалар тайёрлайди.

2016 йилда ташкил этилганидан буён ЕҚК Европа нодавлат ва ҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйди ва миграция, ривожланиш, демократия ва савдодан тортиб, Европа Иттифоқининг умумий ташқи ва хавфсизлик сиёсати билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассислар билан ҳамкорлик қилади.  

ЕҚКнинг Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини билдирди ва қўшма тадқиқотлар ўтказиш, хусусан, Ўзбекистон томонидан Европа Иттифоқи билан савдо-сотиқда умумжаҳон преференциялар тизимининг (GSP+) бенефициар мамлакат мақомидан фойдаланиш бўйича мавзуларни таклиф қилди.  

Бундан ташқари, ЕҚКни Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига оид мавзулар ҳам қизиқтиради. Самуэль Вестербай Ўзбекистонда давлат бошқаруви, ташқи сиёсат, халқаро муносабатлар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини қайд этди. Шу билан бирга у Ўзбекистон вакилларининг ЕИнинг давлат хизматчилари ва бизнес вакилларини тайёрлаш бўйича махсус дастури доирасида ажратилган ўқув дастурлари ва стипендияларида иштирок этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди.  

С.Вестербайнинг айтишича, Европа Иттифоқи қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш ва "яшил иқтисодиёт"ни ривожлантиришдан манфаатдор. Шу билан бирга, Ўзбекистонда қуёш энергиясидан фойдаланиш учун катта имкониятлар мавжудлиги ва кейинги 5 йил ичида барқарор ва "яшил иқтисодиёт" мамлакат иқтисодиётида муҳим роль ўйнаши, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш мумкинлигини таъкидлади.  

ЕҚК директори, шунингдек, Афғонистондаги ички сиёсий вазиятдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўради. Учрашув якунлари бўйича икки тадқиқот маркази ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.  

Манба: ЎзА

Поделиться