Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ривожланиш вазири Жаҳон банки лойиҳаси Халқаро эксперт кенгаши аъзолари билан музокаралар ўтказди
2021-07-19 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Жаҳон банки иштирокидаги «Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида виртуал миссия ҳамда лойиҳа доирасида ташкил этилган Халқаро эксперт кенгаши аъзолари (ХEК) билан музокара ўтказди.
Инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов йиғилиш иштирокчиларини Халқаро эксперт кенгаши ташкил этилгани билан табриклаб, Ўзбекистонда илм-фан, технологиялар ва инновациялар соҳасида сўнгги пайтларда амалга оширилаётган ишлар ва келажакдаги режалар билан таништирди.
Учрашувда лойиҳа доирасида молиялаштириш шартномасида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилишини муҳокама қилинди, шунингдек лойиҳа таркибий қисмларини амалга ошириш режасини кўриб чиқилиб, ўзаро келишилди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон банкининг «Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида Халқаро эксперт кенгаши (ХEК) жаҳоннинг илғор давлатлари тажрибаларини лойиҳага татбиқ этишда Лойиҳани амалга ошириш гуруҳига кўмакдош бўлишларини айтиб ўтилди. Бунда Ўзбекистоннинг миллий инновацион тизимини модернизация қилиш, глобал бозорда миллий маҳсулотлар ва хизматларнинг рақобатбардошлигини, иқтисодиёт диверсификацияси самарадорлигини ҳамда аҳолининг турмуш даражасини оширишга алоҳида урғу берилади.
Музокара давомида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири кейинги йилларда илм-фанни молиялаштириш тизими ўзгаргани — энди илмий-тадқиқот институтларга эмас, балки алоҳида лойиҳаларга мақсадли маблағ ажратилаётгани ва қўлга киритилган илмий изланишлар натижалари амалиётга татбиқ этилиши кутилаётганини айтиб ўтди.
Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, стартап-лойиҳаларни молиялаштириш ва стартапчилар билан малакали менторлар ишлашини таъминлаш ҳамда инновацион марказлар фаолиятини такомиллаштириш каби масалаларда фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа давлат илмий-тадқиқот институтлари (ИТИ) ва олий таълим муассасаларига (ОТМ) халқаро даражадаги тадқиқотларини олиб боришга ёрдам беради, шунингдек, уларнинг иш натижаларини тижоратлаштиришга имкон беради. ИТИ ва ОТМ илмий ходимлари илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишланмалари, жумладан, халқаро тадқиқотчилар ва хусусий сектор иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштирадиган грантлар олиш учун ариза топширишлари мумкин.
Бундан ташқари, маҳаллий фирма ва компаниялар бошланғич лойиҳаларга сармоя киритиш учун маҳаллий ва халқаро бозорларда талаб қилинадиган янги ёки мавжуд инновацион маҳсулот ва хизматларни илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишланмалари соҳасида грант олиш имкониятига эга бўладилар. Масалан, улар тиббий, фармацевтика ва биотехнологик маҳсулотлар ва хизматларни ишлаб чиқиш, шунингдек, илм-фан ва технологиянинг бошқа истиқболли йўналишлари бўйича лойиҳани молиялаштириш учун ариза топширишлари мумкин.
И.Абдураҳмонов, 2022−2026 йилларга мўлжалланган Жаҳон банкининг Ўзбекистон Республикаси билан Ҳукуматнинг мамлакатни кейинги беш йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ва ривожланиш режаларига жавоб берадиган шериклик дастури доирасида «Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш» лойиҳаси энг муваффақиятли лойиҳалардан бири бўлишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири томонидан Халқаро эксперт кенгашининг (ХEК) раиси доктор Ербол Сулейменов сайлангани билан табриклаб, барча (ХEК) аъзоларига лойиҳа доирасида келгусида амалга оширадиган фаолиятларига зафарлар тилаб қолди.
Жаҳон Банкининг миссияси ўз навбатида, фан, технологиялар ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва бу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдириб ўтди.
Ўз ўрнида И.Абдураҳмонов алоқаларни кенгайтириш бўйича мунтазам учрашув ва музокаралар ўтказишга тайёрлигини ва юқорида келтирилган соҳаларда Жаҳон Банкини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги